суббота, 28 апреля 2018 г.

Блокнотчи

Янги қурилган намунали арзон уй жойлар олдида тумонат одам. Барча нимадир билан банд. Нима эмиш, пойтахтдан одам келиб кам таъминланганлар учун қурилган уйларни тантанали равишда очиб берармиш. Иш қизғин. Қорни катта, формалик ва қолган ишлашга лаёқатли барча эркакларни дўхтирдан “справка”си бор шекил уёқдан буёққа юриб, сигарет тутатиб, онаси тенгги аёлларга иш буюриб, ўдағайлашдан чарчамаяпти. Сал нарироқда қора жип атрофида 5-6та қорни қаппайган эркаклар йиғилиб олиб, қорни энг қаппайган бахайбат одамни сўзларини бошлари эгик ҳолда қунт билан тинмай блокнотга ёзишмоқда. Блокнотларнинг янги лекин ярмигача тўлганидан улар фақат ёзиш учун очилишини сезиш қийин эмас. Қорни энг қаппайганнинг бирданига авзойи бузилади. Олдидаги “ксерокс”дан бирига қўлини пахса қилиб гапиради. Блокнотига унинг сўзларини аниқ ва тезроқ ёзмагани учунми ёки орқароқда ишлаётган аёлларга баландроқ бақириб, яхшироқ ўдағайламагани учунми билмадим негадир уни башарасига бир мушт туширади. Сал нафасини ростлаб олиб энди қорнига солади. “Блокнотчилар” бир зум ёзишдан тўхташади. Бахайбат уларга хам нималардир деб бақириб, бақириб машинасига ўтириб кетади. Каттанинг охирги сўзларини улар негадир қоғозга кўчиришмайди. Балки, қўллари чарчагандир.  Мушт еган секин ўрнидан туриб, қумда ётган блокнотини олиб қоқиб, қўлтиғига қистириб, сунъий майсага сунъий гулни табиий йўл билан суқишга харакат қилаётган аёллар томон юради.
Блокнотчи: -қайси мактабдансизлар?!
Аёл: -бошлиқ, унақа қилманг, хозир тиқиб чиқамиз.
Блокнотчи: -қайси мактабдансила дедим!
Аёл: -ўғлим ўзиз кўряпсиз, газонга пластмассани тиқиб бўлмаяпти.
Блокнотчи: -э, манга деса боғлаб қўйинглар ёки директорларингни чақир эрталабгача ушлаб турсин. Мактаб номери?!
Аёл: -16, эрталабдан бери ишлаяпмиз, ўғлим унақа қилма, чарчаганмиз, хозир қилиб қўямиз.
Блокнотчи: -э, хола, мани уйимда ишламаяпсиз, хўпми?!
Янги қурилган кўп хонадонли уй эшигини очиб, ичкарига киради.  Иккинчи қаваттан йигит кишининг баланд оҳангдаги товуши эшитилади. 
-мен сенга кеча нима дедим? Чиқма дедимми? Яна нимага келдинг?
-чиқмасам, Холида опа хаммани олдида изза қилади, ишлашга қўймайди, азоб беради.
-э керак бўлса, ишдан бўшатсин. Лекин сан мановиларни уйини тозаламайсан. Пахтага чиқарди индамадим, йўл тозалатди индамадим. Энди буниси ортиқча.
Улар пастга қараб юришади. Зинапоядан аввал  навқирон йигит ва уни ортидан супурги ва челак кўтарган ёшгина келинчак тушади. Йигит ва блокнотчининг нигоҳлари тўқнашади.  
Йигит: -кўчада кутиб тур. Сизми районо мудири?
Блокнотчи: -ха, мен.
Йигит: -мен хотинимни олиб кетаман. У ишламайди. Бориб  дарсини беради. Бу нима деган гап? Ўқитувчиларни хор қилиб ишлатишингизни қаранг.
Блокнотчи: -ука, кўп тўполон қилманг. Мени ўзимни хотиним хам хуув анови уйда ишлаяпти. Мени хам иложим йўқ. Менга керак дейсизми шу?
Йигит: -мен бировларни ўзгартира олмайман. Сизни хотинингизга ишим йўқ. У сизни ишингиз. У сизни эркаклик принципларингиз. Лекин мени хотиним бу ерда ишламайди.
Блокнотчини жахли чиқиб, қошини чимиради.
Блокнотчи: -эй ука хаддингдан ошма...
Биринчи қаватдаги эшик очилиб у ердан барзанги эркак чиқиб келади. Сочлари тўзғайган, соқоллари бетартиб ўсиб ётипти. Қўллари қорайиб кетган. Ундан солярка хиди анқийди.
Барзанги: -брат, менга хам бир иккита ўқитувчиларингиздан беринг, мени хам уйимни тозалашсин.
Иккаласи бирданига бир пас унга қараб қотиб қолишади.
Йигит: -бир иккита ўқитувчилариздан? Қанақа одамсиз ўзи? Булар сизга мардикор эмас. Ўқитувчи улар. Олий маълумотли зиёли. Давлат арзон нархга кредитга сизга уй қилиб берди, энди уни 4 йил институтта ўқиган, контракт тўлаган ўқитувчи тозалаб хам берсинми? Уялмайсизми?
Барзанги: ўп мана, хаммани уйини тозалаяптику? Меникини хам тозалаб берсин дегандим.
Йигит бошини қуйи эгади. Хорғин нафас чиқаради. Бошини чайқаб қўйиб, нафаси бўғилгандай бўлиб. кўчага чиқади. Сигарет тутатади. Блокнотчига хам узатади.
Блокнотчи: -кўрдизми? Одамлар қанақа бўлиб кетган? Нима дея оламан мен? Буйруқ бўлган қилиш керак. Мени ўрнимда бошқаси бўлса хам шу ишни қиларди.
Йигит: -бунақа бўлиши керак эмас.
Блокнотчи: -иложимиз йўқ. Кўрдингизми буни? Ўзи бўлса оддий шофьердир. Кам таъминганлик маълумотномаси билан тайёр қарийб бепул уйга эга бўляпти. Рахмат ўрнига шуми?
Улар сигаретни қаттиқ-қаттиқ тортишарди. Йигит гўё ўзига ўзи гапиргандай ғулдурайди.
Йигит: -нотўғри бу. Бунақа бўлиши керак эмас.
Йигит хотинини етаклаб кетади. Блокнотчи уни ортидан қараб қолади.
Блокнотчи: -шунақа бўляпти-да...
Уй эшиги очилиб, барзанги чиқиб келади.
Барзанги: -брат, ўқитувчиларингиздан берасизми йўқми? 
Блокнотчи аввал ижирғаниб барзангини юзига нафрат билан қарайди кейин тўда-тўда бўлиб бирма бир уйларни текшираётган бошқа бир блокнотчилар отрядига кўзи тушади. Кейин эса хорғинлик билан  сунъий гул экаётган аёл томонга ўгирилади. Аёл хамон гулни газонга суқа олмас эди. Бу жараёнга узоқ тикилиб қолади.
Барзанги: -брат...
Блокнотчи: -опа шуни уйини хам тозалаб беринглар.
Блокнотчи секин қадам босиб болалар майдончаси томон юради. Атрофга боқади. Одамлар уёқдан буёқққа шошилиб юришипти. Ғала ғовур. Шовқин. Бу шовқинда инсон ўз виждонини эшитиши хам қийин. Блокнотчи тутунни осмонга пуфлаб, сигаретни зарда қилиб узоққа улоқтиради. 
Уни телефони жиринглайди.
Блокнотчи: - лаббай бошлиқ. Хўп бошлиқ, яхши, хуп-хуп. Бўлди тушунарли.
Телефонни учириб чўнтагига солади. Ўйланиб қолади. Бошини қашиб упкасини хавога тўлдириб қаттиқ нафас чиқаради
Блокнотчи: -ээйй
Атрофдан кимнидир қидиради.
Блокнотчи:
-Ғайрат!
Қўлтиғига блокнот қистирган Ғайрат уни ёнига югуриб келади.
Ғайрат: - лаббай бошлиқ?
Ғайрат блокнотини очиб, қўлига ручка олиб, бошлиғининг оғзига қарайди.
Блокнотчи: - хамма мактаб директорларига айт, эртага хам олиб чиқишсин. 
Ғайрат: -эртага очилиш-ку, нима иш бор яна?
Блокнотчи: -буларни ким йиғиштиради?
Блокнотчи: -нимани? нимани? Эртага очилиш тугаганидан кейин, сал тинчиганидан кейин газонни, гулларни, йўл четидаги арчаларни, тувакларни хамма хаммасини йиғиштириб, машинага юклаб, олган жойингга тарқатасан. 
Ғайрат: -қанақасига??
Блокнотчи: -шунақасига! Саволлар?!
Ғайрат: -тушунарли, "ес" қиламиз шеф.
Блокнотчи охиста қадам билан машинаси  томон йўл олади.
Ғайрат уни ортидан мийиғида истехзоли жилмаяди. Бу жилмайиш кўпроқ оғриқ пайтидаги чиранишга ўхшаб кетади. Чўнтагидан сигарет чиқариб тутатади. Тортиб-тортиб қаттиқ чекади. Четроқдаги майсага зўрға илиниб турган гулга кўзи тушади. Уша ерда ишлаётган аёлларга юзланади.
Ғайрат: -қайси мактабдансилар?! 

2 комментария: